1 октябрь — Ўзбекистон Республикаси Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Тахиатош туманидаги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли 99651-сонли ҳарбий қисм командирлар таркиби Тахиатош тумани 1-сон техникумига ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — ёш авлодга таълим ва тарбия беришдек шарафли ҳамда масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб келаётган педагог ходимларни байрам билан муборакбод этиш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишдан иборат бўлди.
Ташриф давомида ҳарбий қисм вакиллари техникум жамоаси билан самимий мулоқот қилиб, устоз ва мураббийларни касб байрами билан самимий табрикладилар. Педагогларга гуллар ва эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, таълим муассасасида самарали меҳнат қилиб келаётган бир қатор ўқитувчиларга ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, устоз ва мураббийларнинг меҳнати жамият тараққиёти, ёшларнинг билим ва дунёқарашини юксалтиришда беқиёс аҳамиятга эга. Зеро, ҳар бир касб эгасининг камол топишида унинг қалбига билим ва эзгулик уруғини қадаган устознинг ўрни беқиёсдир.
Бундай эзгу ташрифлар таълим муассасаси ва ҳарбий жамоа ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда устозларга бўлган юксак эҳтиромни намоён этишга хизмат қилади.









