Тадбирда техникум педагог-жамоаси, ўқувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари, ҳамкор ташкилотлар ва меҳмонлар иштирок этдилар. Байрам тадбири ёшларни касб-ҳунарга бўлган қизиқишини ошириш, меҳнатсеварлик руҳида тарбиялаш ҳамда замонавий касбларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил қилинди. Тадбирнинг тантанали очилиш қисмида техникум раҳбарияти томонидан юртимизда касб-ҳунар эгаллашга қаратилган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар ва меҳнатнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ўқувчиларнинг таълим жараёнидаги ютуқлари ва касбий кўникмаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида техникумда ўқитилаётган мутахассислик ва касблар бўйича кўргазмалар ташкил қилиниб, ўқувчилар томонидан амалий ишлар, техник жиҳозлар ва ижодий ишланмалар намойиш этилди. Айниқса, сув хўжалигини автоматлаштирилган бошқариш тизими оператори, пайвандловчилик, тикувчилик, компьютер графикаси ва автомобиль ҳайдовчилиги йўналишида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг чиқишлари тадбир қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Байрам тадбири доирасида саҳна кўринишлари, шеърлар, қўшиқлар ва миллий чиқишлар намойиш қилиниб, тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади. Ўқувчилар ўзлари эгаллаётган касбларнинг аҳамияти ҳақида мазмунли чиқишлар қилиб, меҳнат ва касб инсон ҳаётида муваффақият калити эканлигини таъкидладилар.
Тадбир сўнгида фаол ўқувчилар, устоз-мураббийлар ва тадбир ташкилотчилари техникум маъмурияти томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тахиатош туман 1-сон техникумида ўтказилган мазкур байрам тадбири барча иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, ёшларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилди.









