Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган «Ўзбекистон Бунёдкорлари» кўрик-танлови қурилиш соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ёшларнинг касбий маҳорати ва амалий кўникмаларини ривожлантириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга қаратилган нуфузли танловлардан бири ҳисобланади.

Мазкур танловнинг «Сантехника» йўналиши бўйича Тахиатош тумани 1-сонли техникумининг 1–24-гуруҳ ўқувчиси Аяпбергенов Алпамис  Мамбетсалий уғли юқори маҳорат ва билим намоён этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритди.

Ушбу ютуқ ўқувчининг касбий билимлари, амалий кўникмалари, меҳнатсеварлиги ва интилиши билан бир қаторда, унинг устози Кулбаева Дилфузанинг фидокорона меҳнати, юксак педагогик маҳорати ҳамда танловга пухта тайёргарлик ишларининг самарали натижаси ҳисобланади.

Танлов якунларига кўра, ғолиб ўқувчи 3 296 000 сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, ўқувчини юқори савияда тайёрлаган устоз Кулбаева Дилфузанинг меҳнати муносиб эътироф этилиб, 20 600 000 сўм миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

Мазкур рағбатлантириш тизими давлатимиз томонидан касбий таълим соҳасида меҳнат қилаётган педагогларнинг заҳматига юксак баҳо берилаётганининг амалий ифодаси ҳисобланади. Бу эса устоз-мураббийларни ўз устида мунтазам ишлашга, ўқувчиларни юқори натижаларга тайёрлашга ва нуфузли танловларда муносиб иштирок этишга янада рағбатлантиради.

Айниқса, устоз меҳнатига берилаётган бундай муносиб эътироф ва моддий рағбат бошқа педагоглар учун ҳам ибрат ва кучли мотивация манбаи бўлиб хизмат қилади. Бу каби ютуқлар таълим муассасаларида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, таълим сифатини янада ошириш ҳамда иқтидорли ёшларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Тахиатош тумани 1-сонли техникумида ўқувчиларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, уларни миллий ва халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ҳамда нуфузли танловларда иштирокини таъминлаш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Тахиатош тумани 1-сонли техникуми жамоаси ғолиб ўқувчи Аяпбергенов Алпамис  Мамбетсалий уғли ва унинг устози Кулбаева Дилфузани ушбу муносиб ютуқ билан самимий муборакбод этади ҳамда келгусида янада юксак натижалар ва улкан зафарлар тилайди.

Ахборот  хизмати
Тахиатош тумани 1-сонли техникуми